четверг, 27 сентября 2012 г.

Se'r aziz olam aro

Т                                    ТУШДАН СЎНГ


Мен энди биламан, бу умр шитоб,
Кўкдаги қуёшдай кетиб бормоқда.
Булутлар пойлайди ҳасратда тутаб,
Кунлар орзуларни ютиб бормоқда.

Эндиги қўшиқлар яна дардлироқ,
Муҳаббат (бор бўлса) қадрлироқдир.
Эндиги тунларни безайди фироқ,
Жўшқин хитоблар ҳам фақат сўроқдир.

Эй дўст, гиналашиб юрмайлик,куйиб,
Аразлаб кетмоққа етмайди фурсат.
Бизни ғарбу шарқда куттириб қўйиб,
 О, ўзи кутмайди, кутмайди фурсат!


Энди тарқаб кетди, ўжарликларим,
Йилларга енгилдим, босилиб қолдим.
Бу кўнгил меҳрга муҳтож ва ярим,
Дарахтга япроқдай осилиб қолдим.
  

                                        БУ ЙЎЛЛАР


Узун узун бу йўллар, эшилиб кетаётир.
Йўлчисига бу жоним, қўшилиб кетаётир.

Изларидан тикилиб, яна қанча куёйин?
Одамлар оёқ қўйса, мен бошимни қўёйин.

Тоғ йўллари,тоқ йўллар, ҳолимни билсангизчи,.
Олис кетган отлиқни  қайтариб келсангизчи.

Қайтаман деса агар, пойида йўл бўлойин.
Теграсига сочиб зар, боғида гул бўлойин.

Айтолмайин дардини сочилиб ётар тошлар.
Ювиб чиқай гардини кўзимдан тўкиб ёшлар.

Йўл туташган ерларни чаманлари бормикан.
Йўлдошимга кўз тиккан ёмонлари бормикан.

Узун узун бу йўллар эшилиб кетиб борар.
Йўлчисига қирқ жоним қўшилиб кетиб борар.  


ВАТАН ЯГОНАДИР, ВАТАН БИТТАДИР

Дерлар ширин сўзнинг гадолари кўп,
Ёниб турган кўзнинг адолари кўп,
Юртлар бор ҳаттоки худолари кўп,
Ватан ягонадир, ватан биттадир

Ватан деб ватандан кетганлар айтсин,
Соғинч ёқасидан тутганлар айтсин,
Пушаймонлик заҳрин ютганлар айтсин
Ватан ягонадир, ватан биттадир

Менинг Темур бобом соҳибқироним,
Асрларни енгиб елган бўроним,
Қонидан қўшилган бир томчи қоним
Ватан ягонадир, ватан биттадир

Биров бор онасин ташлаб кетади,
Биров бор боласин ташлаб кетади
Аммо ватан ташлаб кетмас ҳеч қачон
Ватан ягонадир, ватан биттадир

Нега томиримга сиғмай борар қон,
Эрларнинг жони ўн, меники қирқ жон,
Бер деса борини қиламан қурбон
Ватан ягонадир, ватан биттадир



                                          КЕТИНГ


Нега келдингиз, қайтиб,
Ҳоли забунимни билмоқчимисиз.
Ул дам айтилмаган сўзларни айтиб,
Қалбимни қайтадан тилмоқчимисиз?
Кетинг,
Қачонлардир кетиб бўлгансиз,
Мени ҳижрон билан қолдириб якка.
Йиғласам устимдан роса кулгансиз,
Қайтсангиз не дейман, энди юракка?
Кетинг,
Танимайман, ўша муҳаббат
Умидлари сўниб кулга айланган.
Аввал кўнгил эди, сиз яшаган тахт,
Энди бу кўшкларнинг йўли бойланган.
Кетинг,
Ул боғларнинг ўрни қабристон,
Тоза туйғуларни кўмган гўрковсиз.
Тош тўла сойларнинг номи сабристон,
Унинг дўсти бошқа,сиз эса ёвсиз.

Комментариев нет:

Отправить комментарий